Thursday, July 14, 2016

Шаҳар дарвозаси жангчиларига ҳужум

                 

Бир куни яқин бир дўстим менга интернет орқали хабар қолдирибди. Хабарда у ўзини ОИТСга чалингани ва умрининг сўнгги ойларини яшаётганини ёзган. Шунда мен у билан бундан кейин бўладиган муносабатларимизни тартибга солиш керакдир деб ўйлаб қолдим. Чунки у билан ҳаётда ҳам таниш эдик, кўп ҳолларда менга яxшигина маслаҳатчи эди. Энди ўйлаб қолдим ОИТС ўзи нима? Гарчи бу саволга жавобни кўп марта эшитган бўлсамда унчалик эътибор бермаган эканман. Сизга ҳам қуйидаги постни эътибор билан ўқиб чиқишни маслаҳат берар эдим. Интернетни бир неча соат титкилаб қуйидаги маълумотларни топдим.
Рус тилида ВИЧ/СПИД, ўзбек тилида ОИВ/ОИТС деб аталувчи тушунчаларнинг фарқи нимада?
ВИЧ яъни ОИВ бу одамнинг иммунитет танқислиги вируси. Бу ерда одам сўзи ишлатилган. Демак ОИВ фақат инсон организмида яшайди. Иммунитет танқислиги эса организмнинг инфекцияларга қарши курашиш хусусиятининг йўқолишидир. Вируснинг ўзи митти паразит организм, у бошқа организм ҳужайраларида яшаб кўпаяди. Орттирилган иммунитет танқислиги вируси ОИВ инфекцияси деб аталадиган касалликни келтириб чиқаради. Бу хасталикнинг ривожланиш босқичини энг сўнггиcи эса русчада СПИД, ўзбекчада эса ОИТС деб аталади. ОИТС – бу орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (орттирилган бу туғма эмас), балки ОИВ инфекцияси билан оғриш оқибатида орттирилган дегани. Иммунитет танқисли юқорида айтганимдек организмнинг инфекцияларга қарши курашиш хусусиятининг йўқолишидир. Синдром – бирор хасталикнинг белгилари. Шуни яхши билиш керакки ОИТС деган касаллик мавжуд эмас, балки ОИВ инфекцияси хасталиги мавжуддир. ОИТС бу ОИВ хасталигининг энг сўнгги босқичидир.
Ҳозирги вақтда ОИВ қандай пайдо бўлган деган саволга аниқ жавоб бўлмаса керак. Бироқ кўпгина тахминлар ва фаразлар мавжуд:
1. ОИВ қадимдан мавжуд бўлиб, экологик ва техноген халокатлар натижасида жиддий мутацияга учраган ва инсонларга нисбатан агрессивлашган.
2. Дастлаб микроорганизм ташувчилари маймунлар бўлган. Бироқ тушунарсиз тарзда вирус улардан одамларга юққан.
3. Ҳавфли вирус тасодифан пайдо бўлган, яъни олимларнинг бошқа касалликларга қарши дори воситалар яратишга уринишлари натижасида пайдо бўлган ва одамларга юққан.
4. ОИВ 1970-йилларда авж олган қуролланиш пойгаси вақтида яратилган биологик қурол бўлиб, Собиқ иттифоқнинг давлат ҳавфсизлик қўмитаси (КГБ) ҳамда АҚШнинг Марказий разведка бошқармасига қарашли махфий лабoрaторияларда тайёрланган.
5. ОИВни ўзга сайёраликлар ерга олиб келган деб ҳисоблашган.
6. ОИВ Худонинг лаьнати эканлигига ишора қилишган.
ОИВ пайдо бўлишига оид баҳслар асосан биринчи ва иккинчи тахминлар орасида кечади. Ҳар иккала фараз тарафдорлари ҳам вирус ерда қадим даврларданоқ яшаб келади деган фикрдалар. Бироқ замонамизнинг олимлари ушбу вируснинг одамга маймунлардан ёки яна бошқа манбадан юққанлигини аниқлаштириш учун фаол изланишлар олиб боришмоқда.
ОИВнинг қисқача тарихи
1978-йил АҚШда ҳамда Швецияда бир неча нафар бемор номаълум касаллик белгилари билан шифокорларга мурожаат қилади ва бу касалликка келажакда Орттирилган иммунитет танқислиги инфекцияси деб ном берилади. 1982-йил ОИТС атамаси расман пайдо бўлади. Олимлар бу янги касалликни қон билан боғлиқ деб тахмин қилишади. Бироқ у вақтда касалликнинг сабаблари ва юқиш йўллари номаълум эди. 1983-йил Франциядаги Л.Пастер номидаги институт вакили Л. Монтенье ОИТСга сабаб бўладиган ОИТВни кашф килди. 1985-йил олимлар вируснинг фақат қон, сперма, жинсий аъзо ажратмалари ва кўкрак сути орқалигина юқишини аниқлашди. ОИВни аниқлаш бўйича илк кўриклар пайдо бўлди. 1991-йил биринчилардан бўлиб машҳур баскетболчи М. Жонсон ОИВ билан оғриганлигини маьлум қилди. Шу йили машҳур мусиқачи Ф. Меркурий ОИТС сабабли вафот этди.
Ҳозирги вақтда ОИВ инфекцияси жинс ва ижтимоий ҳолат, миллат ва жинсий жиҳатларни танламаслиги деярли барчамизга маълум. Касаллик мавжуд ва биз ҳозирда бу муаммо мавжуд дунёда яшашни ўрганишимиз лозим.
ОИВ нима ва у қай тарзда одамнинг иммун тизимига ўрнашиб олиб уни ишдан чиқаради? Одамнинг иммун тизими бу соғлигимизни ҳимояловчи ҳужайралар армиясидир. Улар бизнинг организмимиз учун зарарли бактериялар, паразитлар ва вируслардан организмимизни ҳимоя килади. Ушбу армия бир нечта бўлинмалардан ташкил топган. Т лимфоцитлар иммун тизимининг қўмондонларидир. Уларни шунингдек ёрдамчи ҳужайралар деб ҳам аташимиз мумкин. Т лимфоцитлар биринчи бўлиб зарарли вирус ва бактерияларни аниқлайди ва ҳимоячи бўлинмагаҳужум қилиш ҳақида буйруқ беради.
Иккинчи тоифадаги ҳужайралар ички ҳафвсизлик хизматидир. Улар Т лимфоцитларнинг буйруғига асосан организм учун номаълум микроорганизмларни антителолар, асосан вирусни аниқлашга кўмаклашувчи оқсиллар билан нишонга олади. Қотил ҳужайралар эса иммун тизимининг маxсус хизмат қўшинларидир. Улар бевосита касаллик қўзғовчи организмларни йўқ қилиш билан шуғулланади. Ҳамма муаммо шундаки, ОИВнинг асосий нишони бу айнан Т лимфоцитлардир. Вируслар томонидан эгалланган ёрдамчи ҳужайралар ҳимоячи бўлинмага буйруқ бера олмай қолади. Натижада эса иммунитет тизими заифлашади. Ички ҳавфсизликни таъминлайдиган ҳужайралар энди ҳавфли микроорганизмларни нишонга олмай қўяди. Оқибатда қотил ҳужайралар ҳам уларни йўқ қилмай қўяди. Энди организмнинг Т лимфоцитлар меъёрида ишлаган вақтда ҳавфли бўлмаган кўплаб қўзғотувчи инфекциялар билан зарарланиш ҳавфи ортади. Энди касалликнинг ривожланишига ҳеч ким, ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. Ўпка яллиғланиши, тери саратони, замбуруғлар билан боғлиқ xасталиклар орадан бир неча йил ўтгач, ОИВнинг оxирги босқичи ОИТСга сабаб бўлади.
ОИВнинг юқиш йўлларини илм-фан синчиклаб ўрганиб чиққан.
Биринчидан, вирус қон орқали юқади. Бу жараён стерилланмаган тиббий анжомларни қўллаш оқибатида юз беради. Шунингдек, текширилмаган қонни беморга қуйиш орқали ҳам ОИВни юқтириб олиш ҳавфи юқори. Бироқ касаллик кўпинча шпритс орқали наркотик моддаларни истеъмол қилганда юқиши мумкин. Бундан ташқари, ОИВ билан касалланган одамнинг шахсий гигиена воситалари (устара, тиш тозалагич, ёки маникюр воситалари)дан фойдаланганда ОИВ юқишига сабаб бўлиши мумкин.
Иккинчидан, ОИВ ҳимояланмаган жинсий алоқа чоғида юқади. ОИВ теридаги шиллиқ ва очиқ шилинган жойлар орқали инсон организмига юқади. Соғлом ва зарарланмаган тери орқали вирус организмга кира олмайди.
Учинчидан, ОИВ туғиш ёки чақалоқни кўкрак сути билан озиқлантириш жараёнида онадан болага юқиши мумкин. Лекин ОИВ билан зарарланган аёлдан ҳам соғлом фарзанд дунёга келиши мумкин. Фақат онага тўғри муолажа қилинса кифоя. Агар муолажа тўғри олиб борилса, ОИВнинг болага юқиш эҳтимоли 2-3 % дан ошмаслиги олимлар томонидан исботланган.
Инсон организмидаги бошқa суюқликлар, xусусан сўлак, тер, кўз ёши, ҳавфли эмас. Уларда вирус бўлиши мумкин. Аммо жуда кам миқдорда. Масалан, сўлакни олайлик, сўлак орқали ОИВни юқтириб олиш учун соғлом одам вирус билан зарарланган одамнинг 3 (уч) литр сўлагини истеъмол қилиши керак. Тер орқали юқтириш учун эса бир ванна терни касалланган одамдан чиқариб олишга тўғри келади (тахминан 50-60 литр). Кўз ёшлар орқали юқтириш учун касал одамнинг бир бассейн кўз ёши чиққунча йиғлашга мажбур  қилиш керак бўлади.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, ОИВ билан зарарланган инсон билан қўл бериб кўришиш, қучоқлашиш ва у одамни ўпиш орқали касалликнинг соғлом одамга юқиш эҳтимоли деярли йўқ. Сабаби вирус жароҳатлардан ҳоли организмга юқмайди. Ундан ташқари ОИВ сочиқ, кийимлар, ётоқхона тўшаклари орқали ҳам юқмайди. Вирус организмдан ташқи шароитда тезда нобуд бўлади. Шунингдек, бассейн, ҳаммом ёки ванна орқали ҳам ОИВ одамдан одамга юқиши деярли мумкин эмас.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ижтимоий тармоқлар орқали банандан ОИТС юқиши, ёки шунга ўxшаш ваҳималар бекор гап.
ОИВ ҳақидаги миш-мишлар
Миш-мишлардан энг кўп тарқалгани чивинларнинг вирусни тарқатиши ҳақидаги миш-миш бўлса ажаб эмас. Бу фикр хато! Агарда қон сўрувчи ҳашоратлар вирусни юқтирганда, бутун ер юзи аҳолиси ОИВдан қочиб қутула олмас эди. Бундай бўлиши мумкин эмаслигини сабаблари, биринчидан ОИВ фақат одамдан одамга юқади, чунки вирус фақат одам организмида яшаб кўпаяди, иккинчидан одамнинг ОИВ билан зарарланишига етарли вирус чивинларнинг нишига сиғмайди. Бу факт олимлар томонидан исботланган.
Миш-мишларнинг энг ваҳималиси бу ОИВ юқтирувчи террорчилардир. Эмишки бундай одамлар аҳоли гавжум жойларда, жамоат транспортларида вирус билан ишлов берилган игналарни одамларга санчишади. Бу ҳадик эпидемия бошланган вақтларданоқ тарқалган бўлса ажаб эмас. Агар бундай ҳолат юз берганда ҳам унутмаслик керакки, вируснинг инсон оргaнизмидан ташқи шароитларда узоқ яшай олмаслиги, игна учидаги вирус соғлом инсонни зарарлашга етарли бўлмаслиги бизни бир мунча ҳавотирдан қутқаради. Лекин шундай бўлсада, аҳоли гавжум жойларда эҳтиёт бўлиш фойдадан ҳоли эмас.
Энг асоссиз миш-миш бу ОИВ билан зарарланган болаларнинг соғлом болаларни тишлаши натижасида касалликни юқтириб олиш ҳақидагиси бўлса керак. Бундай ҳолатда касаллик юқмаслигини асосий сабаби болалар қон чиққунча тишлашмайди, ундан ташқари сўлак орқали касаллик деярли юқмайди. Шу ўринда бир фактни келтириб ўтиш керак. Кўп ота-оналар бундай болалардан ўз фарзандини нарироқ юришини маъқул кўришади. Менинг шахсий фикримча бу нотўғри.
Бирор инсонни ОИВ билан зарарланганини ташқи кўринишидан билиб бўлмайди. Бу ҳақида фақат ва фақат лабoрaторияда, қоннинг тўлиқ таҳлили орқалигина билиш мумкин.
Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч ва қўлимизда ҳамма имкониятлар бор. Ҳозирги кунда ОИТСга чалинган беморларни даволаш, касалликни олдини олиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳатто бундай беморларни камситилмаслиги учун юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз.
Менинг шахсий фикримча, зарарланган инсонларнинг кўпчилиги эҳтиётсизлик оқибатида касаллик билан зарарланишмоқда. Улардан яқинларининг юз ўгириши эса уларни аҳволини жуда ҳам оғирлаштиради. Бундай инсонларни тушуниш, ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш керак. Фақат шундагина биз ҳаммамиз биргаликда касалликни енгамиз, ҳеч бўлмаганда юқтириб олиш эҳтимолини камайтирамиз.
Ўзимга қилган xулосам шу бўлдики, у танишим билан муносабатларимни ўзгартирмайман, қайтанга яқинроқ бўлсак бўламизки, асло узоқлашмайман деб ўзимга ваъда бердим.
Гапимнинг сўнгида барчага СИҲАТ САЛОМАТЛИК тилайман.
P.S Блогпост учун чизилган расм оригинал ва ягона нусхада. Сотиб олишни ҳоҳловчилар бўлса тортинмасдан ўзимга мурожаат қилсин.
Менга блогпостни ёзишда ўзининг беминнат ёрдамини аямаган www.wikipedia.org,www.google.comwww.aids.gov ва бошқа ҳаммага ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изӽор этаман.

P.P.S Мазкур пост www.saharschool.org saytida e'lon qilingan.